Нима учун айнан Риши Сунак Британия бош вазири курсисига ўтқазилди?

Риши Сунакнинг Британия бош вазири курсисига ўтириши кимгадир тасодифдек кўринса ҳам, мутахассислар буни муайян мақсадни кўзлаб қилинган сиёсий қадам дейишмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. Ўзларининг анъаналарга содиқлиги билан дунёга танилган Британия консерваторлари нима сабабдан Риши Сунакни бош вазир этиб сайлашди?
Ахир шу вақтга қадар келиб чиқиши бошқа миллатдан бўлган киши бу лавозимни эгалламаган эди. Вазиятнинг яна бир томони собиқ мустамлака юртдан бўлган киши “империя”нинг бош лавозимига сайланди. Наҳотки бу мумкин бўлса? Яна Британияда?
Ушбу саволга жавоб излаган РИА Новости колумнисти Александр Хабаров, қизиқ хулосага келган.
Биринчидан, оддий британияликларнинг кўпчиллиги Риши Сунак номзодини маъқулламайдилар. Шу сабабдан ҳам бош вазирликнинг биринчи кунидан бошлаб унинг устидан турли киноя ва истеҳзолар бошланди. Маҳаллий ОАВларда унга турли лақблар ҳам қўйишди. Улар орасида “сайланмаган”, “елизаветанинг в.б.” ва ҳоказолар бор.
Иккинчидан Риши Сунак номзоди ҳатто яқин ва қадрдон ҳамкор АҚШ томонидан ҳам унчалик жиддий қабул қилинмаган. Бунга президент Байден унинг исмини ҳам бузиб айтишидан тушунса бўлади.
Учинчидан, Риши Сунак тарихда энг кам овоз билан бош вазир кусисига ўтирган амалдор бўлди Уннг учун фақатгина 193 депутат овоз берган. Ҳа, ҳа 46 миллион аҳолининг ўрнига айнан мана шу бир тўда одамлар.
Хуллас, Риши Сунакнинг Британия бош вазири курсисига ўтириши кимгадир тасодифдек кўринса ҳам, бирор мақсад йўлида атайлаб қилинган ишдек кўринади.
Хўш, бу қандай мақсад бўлиши мумкин? Миллиардернинг ўғли, молия мутахассиси келиб чиқиши ҳиндистонлик Риши Сунак Британия ҳукуматига нима учун керак?
Brexit, Борис Жонсон ва Лиз Трассларнинг палапартиш сиёсати Британия ҳукуматининг деярли иқтисодий инқироз ёқасига олиб келди, энергия манбаалари нархи осмонда, қишда нима бўлишини ҳали ҳеч ким билмайди.
Риши Сунак ўз ишбилармонлик қобилияти ва молиявий билимлари асосида ҳукуматни иқтисодий инқироздан олиб чиқиши, энергия манбаалари нархини тушириши керак. Бу жуда қийин иш ва унинг муваффақият билан якунланиш эҳтимоли жуда кам. Лекин Сунак бунинг бирор чорасини топиши керак, ҳатто ўзининг ва бадавлат қариндошларининг барча пулини тикса ҳам.
Британиянинг собиқ колонияси, Ҳиндистон сўнгги йилларда АҚШ ва Ғарб давлатларидан кўра кўпроқ Россия билан ҳамкорлик қилишни маъқул кўрмоқда. Жумладан Россиядан кўпроқ қурол сотиб олмоқда ва Россия энергия ташувчиларини рээкспорт қилувчи энг йирик ҳамкорга айланган. Келиб чиқиши ҳинд бўлган бош вазир Ҳиндистон билан яқинроқ тил топишга ёрдам бериши мумкин.
Британия лордларининг ҳисоб-китоби нақадар тўғри эканини вақт кўрсатади, лекин Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Сунакни биринчилардан бўлиб табриклади.
“Риши Сунак билан суҳбатлашганимдан ва уни Буюк Британия Бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаганимдан хурсандман. Биз ҳар томонлама стратегик шериклигимизни мустаҳкамлаш йўлида биргаликда ҳаракат қиламиз. Биз, шунингдек, имкон қадар тезроқ барча жабҳаларни қамраб олувчи эркин савдо тўғрисидаги кенг кўламли шартномасига эришиш муҳимлиги ҳақида келишиб олдик”, - деди Моди суҳбатдан сўнг.
Бугун эса Британия ташқи ишлар вазири Джеймс Клеверли Ҳиндистонга учиб келди.
“Бизнинг Ҳиндистон билан муносабатларимиз жуда муҳим; дунёдаги энг йирик демократик давлатлардан бири бўлган Ҳиндистон бизнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги табиий ҳамкоримиздир”, - деди Клеверли.
Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳамкорлик, яна қаердадир ушбу иборани эшигандек бўлувдик... Ҳа, АҚШ, Британия ва Австралия иштирокида тузилган ҳарбий техник альянс – AUKUS. Унинг асосий вазифаси Жанубий Ярим шарда денгизлар орқали ўтган дунё савдо йўлларини назорат остига олиш, Хитой ривожланишини чеклаш ва ҳо казо (Денгиз НАТОси) . Бугунги босқичда AUKUSга Ҳидистондек кучли (ва Хитой билан қандайдир маънода рақобатдош бўлган) ҳамкор давлат учун айни муддао бўларди.
Албатта агар Ҳиндистон раҳбарлари ушбу альянсга киришга кўнса. Бу ишни амалга ошириш учун эса сиёсий қарашлари Борис Жонсондек, ташқи кўриниши ҳинд бўлган Риши Сунакдан кўра идеал номзод бўлмаса керак. Пухта инглизлар, ҳаммасини ҳисобга олган кўринади. Ўйин давом этмоқда...