ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро Ассамблеясининг 54-ялпи мажлисида 14 та намунавий қонун ва 12 та тавсиявий ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжатлар парламентларнинг иқтисодий, ҳуқуқий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мажлисда сайлов, референдум ва уларни кузатиш тўғрисидаги кўплаб намунавий қонунлар кўриб чиқилди.
Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг сўзларига кўра, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгаши фаолияти билан ўзаро самарали мулоқот, МДҲнинг бошқа органлари билан ҳам ҳамкорлик таъминланмоқда.
"Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Парламентлараро Ассамблея фаолиятини ижобий баҳолайди. Улар Ассамблеянинг аъзо мамлакатлари миллий қонунчиликларини яқинлаштириш, намунавий қонун ижодкорлигини ривожлантириш, ёшлар парламенти ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш, сайловларни кузатиш жараёнларига кўмаклашишдаги муҳим аҳамиятини эътироф этадилар”, дейди Исмоилов.
Мажлисда шунингдек, 2023-2025 йилларга мўлжалланган МДҲда намунавий қонун ижодкорлигининг Истиқболли режаси лойиҳаси ва Парламентлараро Ассамблеянинг келгуси йил учун иш режаси ҳақида ҳам сўз юритилди.
Маълумот учун, МДҲ ПА фаолиятининг 30 йили давомида 600 дан ортиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, МДҲ мамлакатлари парламентларига тақдим этилган.