ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Қозоғистонинг Остона шаҳрида МДҲ Ҳукумат раҳбарлари президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашишди. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар берди.
Тоқаев делегациялар раҳбарларини қутлар экан, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади. У ўз сўзида ўсиб бораётган геосиёсий қарама-қаршиликлар, жаҳон иқтисодиётидаги нотинчликка эътибор қаратиб, қатор самарали чоралар кўришга чақирди.
МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашишди
“Халқаро бозорлардаги инқироз даврига қарамай, мамлакатларимиз иқтисодиёти босқичма-босқич тикланмоқда”, дейди Тоқаев.
Қасим-Жомарт Тоқаев транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантиришга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, у Евроосиё бозорлари учун янги имкониятлар очаётган Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг истиқболларини қайд этди.
“Бу мавзу тобора долзарб бўлиб бормоқда, ишонаманки, МДҲга аъзо давлатлар мавжуд салоҳиятни ривожлантириш, хусусан, Эрон, Форс кўрфази ва Ҳиндистонга чиқиш йўли билан Шимол-Жануб йўналишидаги савдони ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилади”, дейди у.
Қасим-Жомарт Тоқаев МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Остона шаҳрида ўтказилиши Ҳамдўстлик олдида турган муаммоларни ҳал этишга амалий ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Остонада МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бошланди. Йиғилишда Бош вазирлар Алихан Смаилов (Қозоғистон), Али Асадов (Озарбайжон), Роман Головченко (Беларусь), Оқилбек Жапаров (Қирғизистон), Михаил Мишустин (Россия), Коҳир Расулзода (Тожикистон), Абдулла Арипов (Ўзбекистон) иштирок этмоқда.
Шунингдек, Арманистон вице-президенти Мегри Григорян, Туркманистон вице-президенти ўринбосари Хожамират Гелдимирадов ҳам қатнашмоқда.
Музокаралар якунлари бўйича 10дан ортиқ ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган.