ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. Бугун Остонада бўлиб ўтган МДҲ бош вазирлари мажлисида Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бош вазирлари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда чекловларни олиб ташлаш ва протекционизмнинг олдини олишга чақирди.
Россия ишончли ҳамкор
Россия Бош вазири Михаил Мишустин Россия жаҳон иқтисодиётидаги оғир даврларга қарамай, МДҲ ҳамкорлари учун ишончли иттифоқчи бўлиб қолаётганини таъкидлади.
"Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро ҳамкорлик ривожланишда давом этмоқда. Россия ишончли иттифоқчи ва савдо шериги бўлиб қолмоқда. Биз яқин қўшниларимиз манфаатларига эътибор ва ҳурмат билан қараймиз", — деди Мишустин Остонадаги МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида.
Унинг қайд этишича, ҳозир жаҳон иқтисодий тизими оғир кунларни бошдан кечирмоқда ва бунга коллектив Ғарбнинг протекционистик чоралари ва Россия ва Беларусга қарши бир томонлама ноқонуний санкциялар қўллаш истаги сабаб бўлмоқда.
Мишустин, шунингдек, МДҲнинг иқтисодий маконининг жиддий ривожланиш салоҳиятига эга эканлигини ва Россиянинг МДҲ давлатлари билан савдоси сўнгги бир йилда сезиларли даражада ошганини таъкидлади.
Хусусан, 2021 йилда Россия - МДҲ товар айирбошлаш 30 фоиздан кўпроққа, 2022 йилнинг 7 ойида эса яна 6 фоизга ошди. Жумладан, экспорт қарийб 25%га ўсиб 65 миллиард доллардан ошди, импорт ҳам 25 % ўсиб, қарийб 32 миллиард долларга етди.
Россия бош вазири МДҲда эркин савдо, иқтисодий фаолият юритиш ва сармоя киритиш тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокараларни якунлаш муҳимлигини таъкидлади.
Қозоғистон МДҲнинг фаол аъзоси
Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Қозоғистон МДҲнинг фаол иштирокчиларидан бири эканлигини ва Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Шунингдек, у ўтган йиллар давомида ташкилот ўзининг долзарблигини исботлаганини, мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворига айланганини айтиб ўтди.
– Кўп қиррали ҳамкорлик ўзаро ишонч, прагматизм ва манфаатлар мувозанатини сақлаш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда қурилади, – деди Алихон Смоилов.
Вазир МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик жаҳон иқтисодиётидаги салбий тенденцияларни камайтиришга ёрдам беришини, ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Қирғизистон импортга муҳтожликни камайтириш тарафдори
Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров МДҲ мамлакатлари иқтисодиётининг ташқи бозорга боғлиқлигини камайтириш ва Ҳамдўстлик доирасида ишбилармонлик алоқаларини жонлантириш тарафдори эканини айтди.
"Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз ҳамдўстлик умумий иқтисодиётида импортга қарамликни камайтиришимиз мумкин. Бунинг учун, биринчи навбатда, МДҲ ва бошқа мамлакатларда эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома имкониятларини тўлиқ очиб бериш керак. Товарлар ҳаракати ва сармоя оқими учун шарт-шароитларни максимал даражада соддалаштириш керак”, — деди Жапаров МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари йиғилишида.
Эслатиб ўтамиз, бугун Остонада МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлиб зўтмоқда. Йиғилишда Бош вазирлар Алихан Смаилов (Қозоғистон), Али Асадов (Озарбайжон), Роман Головченко (Беларусь), Оқилбек Жапаров (Қирғизистон), Михаил Мишустин (Россия), Коҳир Расулзода (Тожикистон), Абдулла Арипов (Ўзбекистон) иштирок этмоқда.
Шунингдек, Арманистон вице-президенти Мегри Григорян, Туркманистон вице-президенти ўринбосари Хожамират Гелдимирадов ҳам қатнашмоқда.
Музокаралар якунлари бўйича 10дан ортиқ ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган.