Фарғонада Марказий Осиё тиббиёт университети очилди

Олийгоҳ, бу йил даволаш иши, стоматология ва педиатрия йўналишларида 600 нафар талабани қабул қилган бўлса, келгуси ўқув йилидан бошлаб 1500 нафар талаба ўқишга қабул қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Фарғонада Марказий Осиё тиббиёт университети очилди. Ушбу олийгоҳ лойиҳаси учун тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан 128 миллиард сўм йўналтирилди.
Университет вилоятдаги “Meridian Diagnostic Hospital” МЧЖ муассислигида ташкил этилди.
Университет тиббиётнинг энг зарур йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, олий таълим – амалиёт – тиббий муассасалар узвий интеграциясини йўлга қўйишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Олийгоҳ, бу йил даволаш иши, стоматология ва педиатрия йўналишларида 600 нафар талабани қабул қилган бўлса, келгуси ўқув йилидан бошлаб 1500 нафар талаба ўқишга қабул қилинади.
Марказий Осиё тиббиёт университети
“Meridian Diagnostic Hospital таркибида ҳозирги кунда вилоятимизда деярли барча йўналишларни қамраган 10 та тиббий диагностик клиникалар фаолият олиб бормоқда. Бу эса талабалар учун кучли амалиёт базасини тақдим этади”, дейилади хабарда.
Олийгоҳда республикада тиббиёт соҳасида кўзга кўринган профессор-ўқитувчилар, малакали хорижлик мутахассислар таълим беришади.
Маълумот учун, вилоятда олий таълим муассасалари сони 12 тага етди. Яқинда Қўқонда озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.