“Хотира поезди” бутун МДҲ лойиҳасига айланиши мумкин - Константин Косачёв

“Хотира поезди” мактаб ўқувчиларига Улуғ Ватан уруши воқеалари билан боғлиқ бўлган 15 та шаҳарга саёҳат қилиш имконини беради – тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. МДҲнинг барча давлатларида 2024 йилга бориб “Хотира поезди” лойиҳаси ишга туширилади. Бу ҳақида Федерация Кенгаши раисининг ўринбосари Константин Косачёв Sputnik мухбирига маълум қилди.
Константин Косачёвнинг сўзларига кўра, “Хотира поезди” лойиҳаси бу йил ишга туширилди.
“Мазкур лойиҳа, айниқса, ёш авлод учун жуда муҳим. Биз бу бутун Ҳамдўстлик лойиҳасига айланишини жуда истардик” дейди Константин Косачёв.
Унинг сўзларига кўра лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
“Биз 5 - 10 - 15 схема бўйича боришни таклиф қиламиз. Яъни бу йил икки томонлама лойиҳа (Россия-Беллорусь), келаси йили 5 та давлат (+Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон), 2024 йилда эса - МДҲнинг барча 10 давлати”, дейди у.
Қайд этилишича, 2025 йилда ушбу лойиҳага Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати ўша пайтда иттифоқдош бўлган мамлакатлар (Украина, Грузия ва учта Болтиқбўйи мамлакати) ҳам таклиф этилади.
Маълумот учун, “Хотира поезди” Россия ва Беларусснинг кенг кўламли ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳасидир. Икки давлат мактаб ўқувчилари тарихи Улуғ Ватан уруши воқеалари билан боғлиқ бўлган 15 та шаҳарга саёҳат қилмоқда. Улар ота-боболари ўз ватанини ҳимоя қилиш учун курашган жойларни зиёрат қилишади.