ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга “Парламентаризм соҳасидаги хизматлари учун” фахрий кўкрак нишонини топширди, дея хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Содиқ Сафоев Россия “Парламентаризм соҳасидаги хизматлари учун” олий мукофоти билан тақдирланди.
Содиқ Сафоев 1954 йил 3 февралда Тошкентда туғилган. У 1976 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу муассасада ўқитувчиликдан меҳнат фаолиятини бошлаган.
У фаолияти давомида қатор идора ва вазирликларда масъул лавозимларда ишлаган. Хусусан, Ўзбекистон президенти девонининг халқаро иқтисодий алоқалар бўлимида етакчи консултант, бўлим мудири, Ташқи ишлар вазири, бир қатор хорижий давлатларда мамлакатнинг фавқулодда ва мухтор элчиси, президентнинг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган.
Сафоев 2015 йилдан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари.