ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. “Uzbekistan Airports” Тошкентдан Дубайга учаётган самолёт нега фавқулодда қўнишни амалга оширганини маълум қилди.
Бугун “Fly Dubai” авиакомпаниясининг Тошкент-Дубай йўналишида FZ -1942 рейсини амалга ошираётган самолёт Тошкент вақти билан соат 07:37 да Эроннинг Шероз шаҳри аэропортига фавқулодда қўнган.
“Фавқулодда қўнишга самолёт экипаж аъзоларидан бирининг аҳволи ёмонлашгани сабаб бўлган. Шундан сўнг, экипаж томонидан энг яқин аэропортга қўниш ҳақида қарор қабул қилинган”, - дейилади хабарда.
Бортида 172 йўловчи бўлган самолёт Тошкентдан соат 04:37 да ҳавога кўтарилган ва Тошкент вақти билан 07:50 да Дубай аэропортига қўниши керак эди. Бироқ мажбурий қўниш туфайли парвоз кечиктирилмоқда.
Хабарда ҳозир самолёт Дубайга учишга ҳозирлик кўраётгани қўшимча қилинган.