Россиялик журналистлар Ўзбекистонда ташкил этилган халқаро форумида иштирок этишди

Москва Давлат университетининг журналистика факультети декан ўринбосари янги медиа муҳити шароитида журналистиканинг асосий вазифалари, биринчи навбатда, миллий миқёсдаги жамоат вазифаларини бажариш бўлиб қолиши кераклиги айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Ўзбекистонда замонавий журналистиканинг долзарб муаммоларини муҳокама этиш ва бу борада халқаро экспертлар тажрибасини ўрганиш мақсадида “СЎЗ” халқаро форуми ўтказилди.
Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси Sputnik мухбирига маълум қилишича, форум доирасида Тошкент, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Унда Россия, Туркия, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон, Исроил, Япония, Корея давлатларидан 10 га яқин халқаро экспертлар, Ўзбекистон медиа олами вакиллари, нодавлат теле ва радиоканаллар раҳбарлари иштирок этишди.
Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларига кўра, иштирокчилар ҳозирги кунда журналистика талабларига жавоб берувчи материаллар яратиш ва уни сифатли ахборотга айлантириш масаласига асосий эътиборни қаратишди.

“Ушбу конференцияга 11та давлатдан журналистлар келди. Бу медиа оламининг жуда тез ривожланаётганини англатади. Ҳозир ахборотнинг чегараси қолмади, интернет пайдо бўлди ва глобаллашув дунё ахборот маконини битта ритмда уришга мажбур қилмоқда”, - дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Тадбирда Москва Давлат университетининг журналистика факультети декан ўринбосари Ольга Смирнова ва Ленинград телевиденияси бош директори Олег Виктривич Черних ҳам иштирок этди.
Олга Смирнованинг сўзларига кўра, Россия ОАВлари аллақачон 24/7 режимида ишламоқда.

“Босма ва рақамли платформалардан фойдаланган ҳолда замонавий рус журналистикаси 24/7 режимида фаолият юритмоқда. Россиянинг асосий хусусиятларидан бири унинг кенг ҳудуди, шунингдек, географик ва маданий-этник хилма-хиллигидир. Шунинг учун, миллий республикалар ва вилоятлар, шаҳарлар ва алоҳида вилоятлар матбуотини ўз ичига олган минтақавий журналистика маҳаллий муаммоларни аҳолига етказиш, уларни муҳокама қилишга жамоатчиликни жалб этиш ва уларни ҳал этиш йўлларини излаш каби муҳим вазифаларни бажаради”, - дейди Ольга Смирнова.

Унинг сўзларига кўра, рақамлаштириш янги имкониятларни тақдим этиш билан бирга, янги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Янги медиа муҳити шароитида журналистиканинг асосий вазифалари, биринчи навбатда, миллий миқёсдаги жамоат вазифаларини бажариш бўлиб қолиши керак.