ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Россия билан муносабатлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг пойдевори ҳисобланади. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Самарқандда ўтаётган МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси кузги сессиясида маълум қилди, дея хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Содиқ Сафоевнинг сўзларига кўра, Россия билан муносабатлар барча соҳалардаги ташқи сиёсатнинг пойдевори ҳисобланади.
“Биз россиялик ҳамкасбларимиз билан қонунчилик базасини такомиллаштириш, сиёсий ва иқтисодий соҳаларни модернизация қилиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ҳамкорликни интиқлик билан кутамиз”,- дейди Содиқ Сафоев.
У ўз сўзида парламентлараро мулоқот икки томонлама муносабатлар динамикаси контекстига мос келишини таъкидлаб ўтди.
“Биз алоқаларимиз амалда тизимли тус олганини юксак қадрлаймиз. Икки томонлама муносабатларимиз ўтмишдаги кўпроқ дўстона алоқалар характеридаги анъанавий учрашувлар доирасидан чиқиб, аниқ амалий масалаларни муҳокама қилишга ўтди”, - дейди у.
Қайд этилишича, пандемия даврида Сенат томонидан Федерация Кенгаши раҳбариятига ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун муайян қийинчилик туғдираётган вазиятга аралашиш илтимоси билан мурожаат қилганган. Бунга жавобан Валентина Матвиенко дарҳол муносабат билдирган.
“Бизнинг вазифамиз янги Ўзбекистон ҳар томонлама рақобатбардош бўлиши учун шундай шарт-шароит яратишдир. Ислоҳотларнинг биринчи босқичи анча муваффақиятли бўлди. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ошди, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти фаолияти жонланди”, - дейди Содиқ Сафоев.
Эслатиб ўтамиз, бугун Самарқандда МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси кузги сессиясининг тадбирлари бўлиб ўтмоқда. МДҲ ПА Кенгашининг мажлисида парламент делегациялари раҳбарлари ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди. Унда 2022 йилда ўтказиладиган тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинди.