Ўзбекистон ва Россия тадбиркор аёллар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради – Нарбаева

МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси кузги сессиясида Сенат раиси Танзила Нарбаева икки мамлакат ўртасида амалга ошириладиган навбатдаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида гапирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Россия бизнинг устувор стратегик ҳамкоримиз ва ишончли иттифоқдошимиздир. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Самарқандда ўтаётган МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси кузги сессиясида маълум қилди, дея хабар бермоқда Sputnik мухбири.

"Икки мамлакат президентлари ўртасидаги ишончли мулоқот туфайли бугунги кунда анъанавий дўстона муносабатларимиз изчил янги, юксак босқичга кўтарилди. Россия бизнинг устувор стратегик ҳамкоримиз ва ишончли иттифоқчимиз”, - дейди Танзила Нарбаева.

Нарбаева Ўзбекистон-Россия кўп қиррали муносабатлари, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро платформаларда жадал ривожланаётганини таъкидлади.
У бунга мисол тариқасида яқинда Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилганини келтирди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш учун Нарбоева ноябрь ойида Самарқандда минтақалар учинчи форумини ўтказишни қўллаб-қувватлади ва унинг ишида россиялик депутатлар ва маҳаллий депутатлар фаол иштирок этишига умид билдирди.

"Биз парламентлараро ҳамкорликни Россия билан давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми деб биламиз. Икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрмоқдамиз", - дейди Нарбаева.

Бундан ташқари, Нарбаева кейинги икки томонлама ҳамкорликнинг қуйидаги асосий жиҳатларига тўхталиб ўтди:
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
Ёшлар ва гуманитар ҳамкорлик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш;
Россия ва Ўзбекистондаги тадбиркор аёллар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзбекистонлик тадбиркор аёлларнинг “Экспортда аёллар” дастурида иштирок этиши, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш (Россия Федерацияси ҳудудида истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароларининг ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болаларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш).
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг биринчи чорагида Тошкентда енгил саноат соҳасида экспортчи аёллар учун ишбилармонлик миссияси бўлиб ўтади. Россия экспорт маркази бош директори Вероника Никишина маълум қилишича, узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини янада йўлга қўйиш мақсадида нафақат россиялик тадбиркор аёлларнинг, балки ўзбек тадбиркорларининг ҳам маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлиги кенгайтирилиши режалаштирилган.
Ишбилармонлик миссияси давомида россиялик ишбилармон аёллар маҳаллий мато ва аксессуарлар ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюришади, икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасидаги бизнес-форумда иштирок этишади, шахсий ва узоқ муддатли бизнес алоқаларини ўрнатади.