ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Тошкентда узоқ давом этган ёмғирдан сўнг тоғ ҳавоси каби мусаффо муҳит кузатилмоқда. Бу ҳақида Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулаҳатов маълум қилди.
Бугун пойтахт ҳавоси сифати соат 14:00 ҳолатига "яшил" даражага кўтарилди.
Ҳаво таркибидаги барча ифлослантирувчи моддалар меъёрий қийматлардан анча паст ҳолатда қолмоқда.
IQAir портали маълумотларига кўра, ҳозир Тошкент ҳавоси дунё шаҳарлари орасида ҳаво сифати бўйича 52 ўринда турибди.
IQAir портали
© Sputnik
“Шаҳар ҳавоси худдики тоғ ҳавоси каби тоза муҳитни тақдим этмоқда. Мазкур ҳавода ташқи муҳитда сайр қилиш, ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш керак. Бу инсон физиологияси ва қисман психологиясига ҳам фойдали”, - дейди Эркин Абдулаҳатов.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайганди. Бунга узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг бўлмагани ва ҳаво ҳароратининг инверсияси сабаб бўлган. IQAir порталида Тошкент дунёда ҳаво ифлосланиш даражаси бўйича биринчи ўринда эди.