ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Самарқандда Ўзбекистон–Россия 3-таълим форуми ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Дастлабки музокараларда Россиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари, вазирлик вакиллари ва Ўзбекистон ректорлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик, икки томонлама лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ушбу музокаралар ва маслаҳатлашувлар натижаси Россияда ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳалари тажрибасини Ўзбекистон олийгоҳларига татбиқ этишга қаратилади.
Осиё университетлари ассоциацияси президенти, Олтой давлат университети президенти Сергей Земляковнинг сўзларига кўра, форум Россия университетлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг глобал масалаларини муҳокама қилиш имконини беради.
“Ҳозирги вақтда глобал билимлар жамияти ва билимлар иқтисодиётини шакллантириш жараёни давом этмоқда. Россия ва Осиё мамлакатлари ушбу глобал келажакнинг асосий масалалари бўйича қарашларга эга ва ҳозирда илғор жаҳон тажрибаси асосида, қўшма лойиҳалар, трансчегаравий ҳамкорликнинг янги шакллари орқали халқаро фан ва таълим интеграцияси жараёнларини кучайтириш зарур”, дейди у.
Ўзбекистон–Россия 3-таълим форуми
© Халқ таълими вазирлиги
Эслатиб ўтамиз, форумда Ўзбекистон ва Россия томонидан 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этмоқда.
Улар орасида Россиянинг "Группа ГАЗ" МЧЖ бошқарув компанияси, “Orgenergostroy” институти АЖ, “NANOEKOXIM” МЧЖ, "Оргэнергострой" АЖ, “ЭКРА” илмий ишлаб чиқариш корхонаси, "НТЦ ФСК ЕЭС" АЖ ва "Гэотар-медиа" нашриёти вакиллари ҳам бор.
Форум якунида 100 га яқин ҳамкорлик шартномаси имзоланиши кутилмоқда. Битимлар асосан Россияда ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳаларининг тажрибасини Ўзбекистон олийгоҳларига татбиқ этишга қаратилган.
Форум 27 октябрга қадар давом этади.