Россиялик экспортчи аёллар Ўзбекистонга ташриф буюради

Таъкидланишича, тадбир учун рўйхатга олиш ноябрь ойининг бошида бошланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. 2023 йилнинг биринчи чорагида Тошкентда енгил саноат соҳасида экспортчи аёллар учун ишбилармонлик миссияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия экспорт маркази бош директори Вероника Никишина маълум қилди.
У тўқимачилик ва тикувчилик саноатида ишчиларнинг қарийб 80 фоизини аёллар ташкил этишини ва уларнинг сони бундан кейин ҳам ошиб боришини таъкидлади.

"Биз узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини янада йўлга қўйиш мақсадиданафақат россиялик тадбиркор аёлларнинг, балки ўзбек тадбиркорларининг ҳам маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтирмоқчимиз. Ишбилармонлик миссияси давомида россиялик ишбилармон аёллар маҳаллий мато ва аксессуарлар ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюришади, икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасидаги бизнес-форумда иштирок этишади, шахсий ва узоқ муддатли бизнес алоқаларини ўрнатади”, - деди Никишина.

Таъкидланишича, тадбир учун рўйхатга олиш ноябрь ойининг бошида бошланади.
Қайд этиш жоизки, Россия Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлардан биридир.
Куни кеча Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.
Аввалроқ Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Sputnik агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон ва Россия икки томонлама ҳамкорлигининг ҳозирги ва истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаб бергани хабар қилинган эди.