ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Бир гуруҳ конгрессменлар AҚШ президенти маъмуриятига Украинадаги вазиятни ҳал қилиш учун Россия билан музокаралар ўтказишга чақирувчи мактуб йўллади, Оқ уй уни қабул қилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
Таъкидланишича, вакиллар палатасининг 30 нафар аъзоси президент Жо Байденга мурожаат қилган. Мактубга Демократик партиядаги либерал қанот вакиллари, жумладан Жейми Раскин, Aлександрия Окасио-Кортес, Ильхан Омар, Кори Буш ва Прамила Жайпал имзо чеккан.
Кирбининг таъкидлашича, Оқ уй конгрессменлар нуқтаи назарини ва уларнинг Украинада содир бўлаётган воқеалардан хавотирини ҳурмат қилади. Шу билан бирга, у Киев иштирокисиз музокаралар олиб бориб бўлмаслигини, ҳозирча улар тайёр эмаслигини таъкидлади.
“У (Зеленский - таҳр.) ҳозир жаноб Путин билан музокаралар олиб бориш вақти деб ҳисобламайди. Биз бу фикрни ҳурмат қиламиз”, дейди Кирби.
Октябрь ойи бошида Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Киевнинг мулоқотдан бош тортиши муносабати билан Украина бўйича ҳеч қандай келишувга эришиш имконияти йўқлигини, чунки музокаралар учун икки томон зарурлигини таъкидлади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтганидек, Украина бўйича музокаралар контекстида Россия “ҳеч кимнинг орқасидан югурмайди” ва фақат аниқ жиддий таклифларни кўриб чиқади.