ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Нодавлат профессионал таълим ташкилотлари учун давлат мулки объектларини ижарага олишнинг энг кўп муддати 5 йилдан 10 йилгача узайтирилди.
Ҳукуматнинг 612-сонли қарори билан нодавлат профессионал таълим лицензиясини олиш талаблари соддалаштирилди.
Ҳужжатга кўра, нодавлат таълим ташкилотларининг профессионал таълим хизматларини кўрсатиш учун банкдаги ҳисобварағига қўйиладиган маблағ миқдори 2 бараварга (50 минг доллардан 25 минг долларга) қисқартириш орқали лицензия талаблари ва шартлари соддалаштирилди.
Маълумот учун, президентнинг ПҚ-5161-сонли қарорига асосан, 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари ижара тўловидан озод этилган.
Мазкур ҳужжатда таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача, бироқ давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг қонунчиликда белгиланган минимал ставкасининг 50 фоиз миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгилаб қўйилган.
Ҳукуматнинг 466-сонли қарорига мувофиқ, профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра гуруҳларни тўлдириш камида 12 нафар ва энг кўпи билан 30 нафар ўқувчилар доирасида белгиланади. Ўқув машғулотларини ўтказиш учун профессионал таълим муассасаларида гуруҳларда ўқувчилар сони 26 нафар ва ундан ортиқ бўлганда иккита кичик гуруҳга бўлган ҳолда ўқитишга рухсат этилади.
Профессионал таълим муассасасида таълим дастурларини муваффақиятли битирган ўқувчига давлат намунасидаги диплом берилади. Ушбу диплом олинган билим, кўникма ва малакаларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.