Кўчмас мулк бозоридаги сотувлар бироз пасайди

Август ойига нисбатан кўчмас мулк савдосининг бироз пасайиши кузатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Кескин ўсишдан сўнг, сентябрь ойида кўчмас мулк бозоридаги сотувлар бироз пасайди. Бу ҳақида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Марказ сентябрь ойида кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди.
Унга кўра, рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19%га (+3,7 минг) ошди.
Август ойига нисбатан кўчмас мулк савдосининг бироз пасайиши кузатилди.
“Бу асосан ўқув йилининг бошланиши ва чет эл фуқаролари сонининг сезиларли даражада кўпайиши туфайли ижарага бериладиган уй-жойларга талабнинг ошиши билан боғлиқ”, дейилади хабарда.
Тошкент шаҳрида 1 кв.м учун ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4%га ошди. Йил бошидан бери иккиламчи бозорда 1 кв.м учун ўртача уй-жой нархи 8,9%га ошди.
Тошкент шаҳрида 9 ой давомида уй-жой савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6%га ўсди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ижара нархлари бўйича энг баланд нарх Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилганди. Унга кўра, Тошкентда кўп қаватли уйлардаги ижара нархи ўртача 339 долларга, ижара нархлари бўйича энг паст нарх Сергели ва Олмазор туманларида, энг баланд нарх эса Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилганди.