Жамоатчиликнинг соғлиғим ҳақидаги қўрқуви асосли – Байден

Америка президенти жамоатчилик унинг саломатлиги борасида хавотир олишга ҳақли эканини тан олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. AҚШ президенти Жо Байден MSNBC телеканалига берган интервьюсида Aмерика жамоатчилиги кейинги сайловлар олдидан унинг саломатлиги хусусида хавотир билдиришга ҳақли эканини тан олди.

“Ҳукм чиқаришнинг энг яхши усули - мени кузатиш. Мен секинлашяпманми? Олдинги суръатимни йўқотяпманми? Эртага касал бўлишим мумкин, эртага ўлишим мумкин”, - деди Байден интервьюда.

Aввалроқ Aмерика президенти иккинчи муддатга сайланиш ниятида эканини, бироқ ҳали якуний қарорга келмаганини айтганди. Ўтган ҳафта у ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Конгресс сайловларидан сўнг қайта сайланиш тўғрисида қарор қабул қилиш ниятида эканлигини айтди ва AҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп номзодини қўйишга қарор қилса, уни яна мағлуб этишига ишонч билдирди.
Бу йил 80 ёшга тўладиган Байден Қўшма Штатларнинг тарихдаги энг кекса президентига айланди. У мунтазам равишда кулгили вазиятларга тушиб қолади.