ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. 1–3 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, халқаро ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад мамлакат зиёрат туризми салоҳиятини юзага чиқариш ва Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида танитишдан иборат. Бундан ташқари, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини ошириш режалаштирилмоқда.
Ҳафталик дастуридан зиёрат туризмини ривожлантириш, мавзуга оид сувенирларни тарғиб этишга қаратилган кўргазмалар, семинарлар, илмий-амалий конференциялар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Жумладан, ҳафталик дастуридан Самарқанд шаҳридаги янги “Ипак йўли” туристик марказининг очилиши, “Хива – ислом олами туризми пойтахти” мавзусига бағишланган Халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси, “Жаҳон усталари” ярмаркаси ва бошқа тадбирлар ўрин олган.
Ўзбекистонда минг 200 дан зиёд зиёратгоҳ бор. Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни мамлакат туризм салоҳиятини оширишган бағишланган йиғилишда зиёрат туризмини ривожлантириш, йилига камида 1 миллион сайёҳни жалб қилиш мумкинлигини таъкидлаган эди.