ТОШКЕНТ, 23 окт - Sputnik. Сирдарё туманидаги ҳарбий қисм омборида содир бўлган ҳодиса оқибатида кўрилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни бартараф қилиш мақсадида тегишли вазирлик ваидоралар масъул вакиллари ҳамда вилоят сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берган.
Таъкидланишича, ҳарбий қисм яқинида жойлашган маҳаллалар тўлиқ қамраб олиниб, хатловдан ўтказилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 3 742 та турар ва нотурар жойларнинг томи, шифти, дераза ва эшик ромларига қисман талафот етгани аниқланди.
Кўрилган амалий чоралар натижасида кечанинг ўзида 2 минг квадрат метр ойналар аҳолига етказилиб, ўрнатиб берилди.
“Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни соат 04:55 да Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлганди.