ТОШКЕНТ, 22 окт - Sputnik. Бугун тонгда Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктида содир бўлган портлаш оқибатида қурбонлар ва оғир жароҳатланганлар йўқ. Бу ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар қилмоқда.
"Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм омборида содир бўлган якка тартибда портлаш бўйича ҳарбий мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ҳамда оғир жароҳат олганлар йўқ. Портлаш оқибатида ҳарбий қисм атрофдаги айрим маҳаллалардаги енгил конструкциялар, ойналарга шикаст етган, - дейилади хабарда.
Айни вақтда мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда, ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ҳарбий қисмдаги ўқ-дори захираси хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, Давлат стандартларига мос равишда, замонавий махсус омборларда сақланмоқда. Уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган.