Портлаш оқибатида биноларга етказилган зарар ўрганилмоқда - Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Таъкидланишича, барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 окт - Sputnik. Сирдарё туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли омборда якка тартибда портлаш содир бўлиши оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
“Ҳодиса оқибатида халок бўлганлар йўқ. Жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Таъкидланишича, айни вақтда вилоят сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.