Эрон ўз фуқароларидан Украинани тарк этишни сўради

Эрон ҳукумати фуқароларини Украинага саёҳат қилишдан воз кечишга чақирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига яқин келажакда Украинага саёҳат қилишдан тийилишни тавсия қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Украинада ҳарбий можаролар авж олгани ва беқарорлик кучайгани муносабати билан Эроннинг барча фуқароларига ушбу мамлакатга саёҳат қилишдан тийилиш тавсия этилади. Ҳозирда Украинада бўлган фуқаролар ҳам ўз хавфсизлигини таъминлаш ва ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида мамлакатни тарк этишлари керак”, - дейилади Эрон ТИВ тарқатган баёнотда.
Шу билан бирга, ҳукумат фуқароларни хотиржам бўлишга чақириб зарурат тиғулганда Эроннинг Киевдаги элчихонасига мурожаат қилиш кераклигини билдирди.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликлардан Украинани тарк этишни сўраган эди. Шунингдек, қатор давлатлар, жумладан, Қозоғистон, АҚШ, Хитой ҳам ўз фуқароларини вазият изига тушгунига қадар, Украинага саёҳат қилишдан воз кечишга ҳамда мамлакатни тарк этишга чақирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қрим кўприги устида юк машинаси портлатиб юборилди. Портлаш оқибатида кўприкнинг автомобиллар йўлларидан бири шикастланди, параллел йўналишда темир йўлда кетаётган поезд цистерналари ҳам зарар кўрди.
Россия президенти Владимир Путин бу ҳодисани теракт деб атади ва уни ташкиллаштиришда Украина махсус хизматларини айблади.
Шундан сўнг 10 октябрь куни Украинанинг бир неча шаҳарларида инфратузилма объектларига юқори аниқликдаги ракета зарбалари берилди. Путин Украина ҳудудидаги бундай объектларга оммавий зарба Киев режимининг жиноятларига жавоб тариқасида берилганини маълум қилди ва агар Украина ҳукумати Россия ҳудудида теракт уюштиришга бўлган уринишларини давом эттирса, Россиянинг жавоби қатъий бўлишидан огоҳлантирди.