Умидбахш рақс: имконияти чекланган болаларга хореография қандай ёрдам бермоқда

Инклюзив рақс санъатини имконияти чекланган болаларга ўргатиш - уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инклюзив таълимга эътибор кучайиб келмоқда. Республикада бир неча инклюзив, мактаб интернатлар, анъанавий мактабларда эса кўплаб инклюзив синфлар пайдо бўлмоқда. Батафсил Sputnik мухбири мақоласида.
Хореограф-педагог Шаҳзода Худойназарованинг “Хореография санъати орқали имконияти чекланган болаларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган мультимедиа маҳсулотини яратиш” лойиҳаси ана шундай хайрли ва самарали ишлардан бири бўлди. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирлган ушбу лойиҳа минглаб кўзларда умид учқунларини ёндирди десак хато бўлмайди.
Инклюзивный танец
Бу ҳақида мутахассиснинг ўзи шундай ҳикоя қилади.
Инсонлар чексиз имкониятларга эга, гарчи уларда турли етишмовчиликлар бўлса ҳам, бироқ руҳ ва онг ости орқали юксак марраларга, тасаввур эса етиб бўлмас чўққиларга чиқиши мумкин. Инклюзив рақс ҳам имконияти чекланган болаларни чексиз имкониятларини кўрсатиб беради.
“Имконияти чекланган болаларга рақс ўргатиб, мен уларда соғлом болаларда кузатмаган ҳолатларни кузатдим. Уларда психологик ўзгаришлар, жонли мулоқотлар янада ижобий тарафга ривожланди. Ҳозирда республикада 16 та ихтисослаштирилган мактаблар бўлса, шуларни 7 таси билан ҳамкорликда ишламоқдаман, жами 600 дан ортиқ ўқувчиларим бор”, дейди Шаҳзода Худойназарова.
Инклюзивный танец

Инклюзив таълим педагогикаси

Инклюзив таълимда психология-сурдопедагогика ва дефектология йўналишларида ўқиган педагоглар дарс беради, чунки улар асосан қўл хатти-ҳаракатлари (жест) орқали ишлашни билишади.
Инклюзивный танец
Хореограф ўқитувчи имконияти чекланган болалар билан машғулот ўтишда ҳар бир болага индивидуал ёндашади, яъни боланинг қайси касаллик сабабли имконияти чекланганлиги, психо-эмоционал хусусияти, жисмоний харакатларни қанчалик бажара олиши ва бошқа имкониятларини ҳисобга олиши лозим.
“Кўпчиликни ногирон болалар қандай рақсга тушади, деган савол қизиқтиради? Уларда ҳам иқтидор ва қизиқиш бор. Улар ўз ҳиссиётларини гарчи нуқсони бўлса-да, тана ҳаракатлари орқали кўрсатиб беришади. Ҳатто айримларида ўзига хос сирли ҳаракатлар, жозибали ва эсда қоларли пластикаларни бажаришади, бу мени янада тўлқинлантиради”, дейди педагог.
Инклюзивный танец

Инклюзив таълим ўзи нима?

Инклюзив таълим барча болаларга мактабга бориш, ривожланиш учун зарур кўникмаларни ўрганиш ва ўзидаги бор иқтидорни ривожлантириш учун адолатли имкониятни беради.
Бунда имконияти чекланган болалар атрофдаги соғлом болалар билан тенг қадам ташлай олади, бир хил синфларда ўқийди ва анъанавий равишда бир хил гуруҳларда ўзи учун керакли кўникмаларни ўрганади.
Ривожланган давлатларда инклюзив таълимнинг самарадорлиги алллақачон маълум бўлган ва ушбу таълим тури кенг йўлга қўйилган.
Қўшни Қозоғистонда ҳам инклюзив таълим 2016 йилда буён ривожланиб келмоқда. У ерда "Инклюзив спорт" ва "Инклюзив рақс" марказлари ташкил этилган бўлиб “комби” ва “дуэт” услубидаги ногиронлик аравачасидаги рақс турлари ривожланмоқда. Шунингдек, халқаро типдаги самба, ча-ча-ча, румба, классик рақсла, джайв, вальс, танго, вена вальси, фокстрот, квикстеп каби рақс турлари ўргатилади.
Россияда эса инклюзив рақс ҳаракати ташаббускор хореографлар томонидан 25 йил давомида ривожлантириб келинмоқда. Россиянинг Inclusive Dance халқаро маркази томонидан инкюзив рақс фестиваллари 2013 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Унда Россиянинг 70 ҳудуди ва дунёнинг 36 мамлакатидан иштирокчилар ташриф буюрган.
Инклюзивный танец

Тошкентда биринчи конференция

Ўзбекистон давлат хореография академиясида 2022 йилнинг 25 ноябрь куни Инклюзив таълим: имконияти чекланган болалар ва рақс санъатимавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтади.
Унда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь ва бошқа давлатлардаги хореография академияларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этади.
Инклюзив таълимга оид конференция махсус режа асосида ўтказилади. Унда республикамиздаги санъат ва маданиятга ихтисослаштирилган мактаблар, коллеж ва техникумлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, магистрант ва докторантлар ва хорижий давлатлардан мутахассислар ҳам иштирок этишади.
Қуйидаги видеолавҳада Шаҳзода Худойназарова томонидан тайёрланган инклюзив рақс намунасини томоша қилиш мумкин.