Тошкентда Афғонистон мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Тошкент учрашувида Афғонистон, Покистон, Эрон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон хавфсизлик органлари ва разведкавий хизматлари делегациялари иштирок этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Афғонистон: минтақавий боғлиқлик, хавфсизлик ва ривожланиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
“Мазкур форум июль ойида Тошкент шаҳрида олий даражада ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш”мавзусидаги халқаро конференциянинг мантиқий давоми бўлиб, у томонларнинг Афғонистоннинг ривожланиши ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари муштарак эканлигини тасдиқлади”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу тадбир Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган.
Тошкент учрашувида Афғонистон, Покистон, Эрон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон хавфсизлик органлари ва разведкавий хизматлари делегациялари иштирок этган.
Тадбир қатнашчиларига президент Шавкат Мирзиёевнинг табрик хатини унинг маслаҳатчиси - Спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирган.
“Халқаро анжуман якунида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинди, шунингдек, глобал ҳамда минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган терроризмга қарши биргаликда қатъий курашишга келишиб олинди”, - дейилади хабарда.