Таркибида пальма мойи бўлган маҳсулотлар устидан назорат кучайтирилади

Озиқ-овқат саноатида пальма мойидан фойдаланишни тартибга солишга юзасидан қатор чоралар кўрилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Ўзбекистонга олиб кирилаётган пальма мойи, таркибида пальма мойи ва ёғ кислоталарининг транс изомерлари мавжуд бўлган маҳсулотлар устидан назорат кучайтирилади. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ҳукуматнинг тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжатда келтирилишича, бу билан озиқ-овқат саноатида пальма мойидан фойдаланишни тартибга солиш ва аҳолини сифатсиз ўсимлик мойларини истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш мақсад қилинган.
Мамлакатга олиб кирилаётган пальма мойига, таркибида пальма мойи ва ёғ кислоталарининг транс изомерлари бор маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш давомида синов лабораторияларида пальма мойи ва унинг фракцияларини амалдаги техник регламент ва стандартларга асосан синовдан ўтказиш йўлга қўйилади.
Республикага олиб кириладиган, реализация қилинадиган пальма мойи устидан белгиланган тартибда самарали назорат йўлга қўйилади.
Пальма мойини мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхатига киритиш режалаштирилмоқда.
Ҳар чоракда камида бир марта пальма мойи қўшилиши хавфи юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг назорат харидларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
2022-2023 йиллар давомида пальма мойининг озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигига таъсири, бундай маҳсулотларнинг истеъмол қилишнинг рухсат этилган меъёрлари ўрганилади.