Ўзбекистон ва БМТ ўртасида терроризмга қарши курашиш бўйича йўл харитаси имзоланди

Мазкур ҳужжат ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Тожикистонда 18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтган конференция доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ бош котиби ўринбосари – БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашди.
Унда Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан, БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, 3-4 март кунлари бўлиб ўтган Тошкент конференцияси ушбу стратегияни терроризмга қарши курашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувлари бўйича муштарак фикрга келиш имконини яратди.
Ўзбекистон ва БМТ
Учрашув якунлари бўйича Тошкент конференцияси давомида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни ўз ичига олган ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи “Йўл харитаси” имзоланди.
Ҳужжат ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.
“Йўл харитаси” қуйидаги тадбирларни кўзда тутади:
Юқори даражадаги қўшма тадбирларни ташкил этиш;
Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ яратиш;
Ватанга қайтарилган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграция қилишда маҳаллалардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳузурида ушбу масала бўйича минтақавий экспертлар кенгаши таъсис этиш.
Таъкидланишича, 2023 йили БМТ шафелигида Ўзбекистонда “Маърифат ва диний бағрикенглик” мавзуида юқори даражадаги конференсия ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Норов Душанбеда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш бўйича БМТнинг минтақавий ваколатхонасини очишни муҳим деб ҳисоблаганди. Норовнинг айтишича, терроризм ва экстремизмга қарши кураш минтақавий ва глобал миқёсда мувофиқлаштирилгандагина муваффақият қозонади.
Шунингдек, у жаҳон ҳамжамияти Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслиги кераклигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни изоляция қилиш минтақа ва халқаро ҳамжамият учун салбий оқибатларга олиб келади.