ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Бугун, 20 октябрь куни Тожикистонда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг (КХШТ) “Чегара-2022” машғулотлари доирасида ноқонуний қуролли тузилмаларни йўқ қилиш бўйича маневрлар бошланди. Бу ҳақда КХШТ қўшма матбуот маркази маълум қилди.
“Бугун Харбмайдон полигонида Тожикистондаги “Чегара-2022” Марказий Осиё минтақаси тезкор жойлаштириш Коллектив кучлари билан қўшма ўқув машғулотлари доирасида кейинги босқич вазифаларни бажаришга киришилди”, дейилади хабарда.
Харбмайдон полигонидаги амалий ҳаракатларда Марказий Осиё давлатларининг ҳарбий контингентлари, Бирлашган штабнинг тезкор гуруҳлари ва КХШТ котибияти иштирок этмоқда. Россия контингентининг асосини 201-ҳарбий базанинг Марказий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари ташкил этади. Машғулотларда мингга яқин киши, 300 дан ортиқ ҳарбий ва махсус техника иштирок этмоқда.
Маневрлар КХШТга аъзо давлат ҳудудига бостириб кирган ноқонуний қуролли гуруҳларни йўқ қилиш бўйича жанговар ҳаракатларни тайёрлаш ва ўтказиш масалаларини КХШТ коллектив кучлари томонидан ишлаб чиқишга қаратилган.
“Чегара-2022” машғулотлари 10-21 октябрь кунлари ўтказилмоқда, машғулотларнинг фаол босқичи 17 октябрдан бошланган.