ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Aмерика Қўшма Штатлари бошқа давлатларни ҳисобга олмай, ўзини ҳимоя қилиш учун жаҳон иқтисодиётини вайрон қилмоқда. Бу ҳақда Колумбия президенти Густаво Петро таъкидлади.
“Инкор этиб бўлмайдиган иқтисодий инқироз яқинлашмоқда. Қўшма Штатлар аслида дунёдаги ҳар бир иқтисодиётни вайрон қилмоқда”, дейди Петро.
Колумбиялик сиёсатчининг фикрича, Европа иқтисодиёти қитъада “руслар, украинлар, европаликлар газ ва энергия учун уруш бошлаганидан” кейин таназзулга юз тутмоқда - Германия, Буюк Британия, Испания ва Франция инқирозга учради.
“Қўшма Штатлар баъзан уларнинг оқибатлари ҳақида ўйламасдан, ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўради. Лотин Aмерикаси давлатларининг иқтисодиёти бўм-бўш, Лотин Aмерикаси талон-тарож қилинган. Нафақат Колумбия песоси, балки бизнинг барча валюталаримиз тушмоқда”, дея қўшимча қилди Петро.
Ғарб Украина туфайли Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтирди, бу эса Европа ва Қўшма Штатларда электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келди. Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир. Россия Федерацияси Ғарб ўзи учун яратаётган барча муаммоларни Россия ҳал қилишини бир неча бор таъкидлаган.