Янги Тошкент қандай кўринишга эга бўлади - фото, видео

Президентга "Янги Тошкент" концепцияси билан мутаносиб тайёрланган Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режа лойиҳаси тақдим этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 окт – Sputnik. Ўзбекистон пойтахтининг шарқида расмийлар яна бир шаҳар — Янги Тошкентни қуришни режалаштирмоқда. У “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғи ҳудудида жойлаштирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси тақдимоти билан танишиш жараёнида маълум қилинди.
Янги шаҳар пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.
Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган.
Қурилиш вазири ўринбосари Даврон Одиловнинг сўзларига кўра, янги шаҳарнинг умумий майдони 20 минг гектарни ташкил қилади.

"Шаҳарни ривожлантириш бўйича бу стратагеямизни дунёдаги етук мутахассислар ҳам маъқуллади. Энди ҳар бир жой бўйича халқ фикрини олиб, ақл билан, сифатли қуриш керак. Бу янги шаҳар халқимизга муносиб, иқлимимизга мос, замонавий бўлиши зарур", - деди давлат раҳбари.

Янги шаҳарда ижтимоий, маданий ва маъмурий объектлар, турар-жой мажмуалари қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, умумий узунлиги 40 км бўлган бешта янги яшил майдонларни яратиш ишлари аллақачон бошланган. Кейинчалик бу коридорларда дам олиш зоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Тақдимотда айтилишича, Янги Тошкентда ер ости метроси қурилиши режалаштирилган ва бу ерда биринчи, иккинчи ҳамда учинчи Renessans даври кўчалари пайдо бўлади.