ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, 19 октябрдан иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақида шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кўп қаватли турар жой биноларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 22 октябрдан ижтимоий соҳа объектлари ва 24 октябрдан кўп қаватли турар жой биноларини босқичма-босқич иссиқлик энергияси билан таъминлаш бошланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти хизматларининг нархи оширилмаслиги маълум қилинганди. Бу бўйича Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгаши 2022-2023 йиллар иситиш мавсуми учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини тасдиқланган.