Тоқаев январь воқеалари етакчиларини қўллаб-қувватламасликка чақирди

Қозоғистон етакчиси январь воқеаларида иштирок этиб, майда жиноятлар содир этганларга амнистия эълон қилганини, бироқ бандитлар, қотиллар ва талончилар суд олдида жавоб беришини эслатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik Қозоғистон январь ойида содир бўлган фожиали воқеалардан сабоқ олиб, келажакда уларнинг такрорланишининг олдини олиши керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Олмаота вилоятида бўлиб ўтган учрашувда таъкидлади.
“Биз бу фожиадан сабоқ олишимиз ва ҳар қандай ҳолатда ҳам бандит ҳамда террорчиларни қўллаб-қувватламаслигимиз керак. Ва бундай воқеалар афсуски, такрорий содир бўлмоқда. Кимдир буни жуда хоҳлайди”, - деди Тоқаев.
“Мен ёрдамчи куч бўлиб чиқиб, майда жиноятлар содир этганларга амнистия эълон қилдим, бироқ бандитлар, қотиллар ва талончиларни қалқонга кўтаришга уринаётганлардан қўрқиш керак, улар қонун бўйича жазоланиши лозим, чунки улар халқимизнинг туб манфаатларидан йироқ ғаразли мақсадларни кўзламоқда”, - дея қўшимча қилди Қозоғистон етакчиси.
Тоқаевнинг таъкидлашича, “Ватанга хиёнат қилган, иккиюзламачилик ва қўрқоқлик кўрсатганлар тез орада суд олдида жавоб беради. Фожиа содир этган ёки уни қўзғатган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов давом этмоқда”.
Қозоғистон президенти маъмуриятида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилувчи ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқадиган махсус бўлим борлигини эслатди.
“Бу ишни ўз қарашларим йўналишида давом эттираман. Жорий йилнинг атиги 9 ойида менга 41 мингта мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг ҳар тўртинчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ва суд қарорлари билан боғлиқ. Бу ҳуқуқий ислоҳотларни давом эттириш муҳимлигидан далолатдир. Қонун ва тартиб бизга фожиали ҳамда аслида давлатимиз обрўсига путур етказадиган январь воқеалари такрорланишининг олдини олишга имкон беради”, - деди у.

Қозоғистондаги тартибсизликлар

2022 йил январь ойи бошида Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтган эди. Уларда иштирок этганлар полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилишди.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев буни давлат тўнтаришига уриниш деб атаб, КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Россия ва КХШТга аъзо бўлган бошқа давлатлар зудлик билан Қозоғистонга хавфсизлик кучларни юборган ва улар муҳим ижтимоий объектларни қўриқлашга жалб этилган эди. 7 январга келиб вазиятни изга солишга эришилди, 19 январь куни бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинган фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Ҳукумат маълумотларига кўра, бу воқеалар натижасида 230 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан зиёд киши жабрланган.