Тоқаев Қозоғистонда тил масаласини сиёсийлаштирмасликка чақирди

Қозоғистон президенти тил масаласидан сиёсий ўйинлар учун фойдаланишни номақбул деб атади.
Sputnik
ТОШКEНТ, 19 окт – Sputnik. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев тил масаласини сиёсийлаштирмасликка чақирди ва қозоқ тилининг қўлланилиш доираси кенгайиши билан бирга, бошқа тиллардан ҳам воз кечмаслик кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Қозоқ тилида сўзлашувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Умуман олганда, тил муҳити кескин ўзгарди. Қозоқ тилида сўзлашувчи турли миллат вакиллари кўп. Фильмлар, мусиқа ва бошқа маҳсулотларга талаб юқори. Буларнинг барчаси қозоқ тилининг қўлланиш соҳаси йил сайин кенгайиб бораётганидан далолат беради”, - деди Тоқаев Олмаота вилояти жамоатчилиги билан учрашувда.
“Қозоқ тилидан сиёсий ўйинлар учун фойдаланишга йўл қўйиб бўлмайди. Бундай хатолар баъзи мамлакатларда қайғули оқибатларга олиб келди. Давлатимиз қозоқ тилини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чораларни кўрмоқда ва биз бу йўналишда ишлашда давом этамиз”, - дейди Қозоғистон етакчиси.
Шу билан бирга, у мутаносиб тил сиёсати зарурлигини қўшимча қилди.
"Тилимизни улуғлашимиз керак, бу тўғри. Лекин ўзга тилларни ўрганишдан бош тортмаслигимиз лозим. Бекорга айтишмайди: “Она тил — бирлик гарови, ўзга тил — фаровон ҳаёт калити”. Мувозанатли тил сиёсати олиб борилиши керак. Шу йўл билангина мақсадларга эриша оламиз”, - дея хулоса қилди у.
Аввалроқ, Тоқаев Қозоғистонда рус тилининг мавқеи заифлашмагани, бунинг аксини даъво қилаётганлар эса ҳақиқатга қарши эканлигини айтганди.
Маълумот учун, 2023 йил Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида "Рус тили - миллатлараро мулоқот тили" йили деб эълон қилинади.