ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Совуқ об-ҳаво шароитида ўқувчи қизларнинг мактабга шим кийишларига рухсат берилади. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Вазирлик мутасаддилари совуқ ҳавода ўқувчи қизларнинг кийиниши юзасидан ота-оналар томонидан йўлланган мурожаатга расмий изоҳ берди.
“Совуқ об-ҳаво шароитида ўқувчи қизларга мактаб формасига мос классик услубдаги шим кийишга рухсат берилади”, дейилади хабарда.
Бунда оддий классик бичимда шимлар назарда тутилмоқда.
Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомда белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 10 августдан бошлаб мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар) марказида мактаб ярмаркалари ташкил этилди.
Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формасини жорий этиш талаби расман бекор қилинган.