ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Ўзбекистондаги давлат хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда оилавий боғчаларда болаларни электрон тизим асосида кунлик назорат қилиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда "Тошкент шаҳар мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар” мавзусидаги пресс-тур давомида маълум қилинди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Қайд этилишича, “Нодавлат боғча” мобил иловаси орқали ҳар бир бола расмга олиниб, вазирлик электрон базасига юборилади. Мазкур тизим асосида болаларнинг боғчага келиб-кетиши реал вақт режимида назорат қилинади. Бу эса болалар сонини қўшиб ёзиш ёки уни камайтириш ҳолатини олдини олади.
“Боғчаларда бу тизимнинг ишга туширилиши анча қулайлик яратди. Аввалгидек дафтарга ёзиб ўтирмасдан телефон орқали “жонли давомат” орқали иш юритилади. Базадаги серверда боғчадаги болаларнинг аниқ рўйхати бўлади ва “ўлик рақамлар йўқолади”, - дейди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси АКТ бўлим бошлиғи Элдор Хидиров.
Мактабгача таълим бошқармаси бўлим бошлиғи Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, мобил илова Нодавлат мактабгача таълим бошқармаси томонидан сентябрь ойидан давлат бюджети орқали субсидия ва компенсация оладиган мактабгача таълим ташкилотларида 100% ишга туширилган. Ҳозирда кунлик давомат 80-85% кўрсаткични ташкил этмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда битта боғчани тўлиқ қуриб битириш учун 7 млрд сўм атрофида маблағ сарфланади.
Масалан, Юнусобод туманидаги “LITTLE TOTS ACADEMY” давлат-хусусий шериклик асосидаги боғча лойиҳа қиймати 7,2 млрд сўмни ташкил этади. Шундан 5,4 млрд имтиёзли кредит асосида, қолган 1,8 млрд сўм маблағ тадбиркорнинг ўз ҳисобидан барпо этилган.
Мазкур мактабгача таълим ташкилоти 240 ўринли бўлиб, 11 та гуруҳдан иборат. Айни вақтда боғчада 15 нафар педагог ишлайди.
Болалар рус гуруҳларида тарбияланади, уларга инглиз, араб, турк тиллари ўргатилмоқда.
Сергели туманидаги 42-сонли “Билимлар мамлакати” номли боғча қурилишига эса 13 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Ташкилот 345 ўринли бўлиб, у 10 та гуруҳдан иборат. Айни вақтда боғчада 44 нафар ходим ишлайди.
Боғчаларда “Илк қадам” такомиллаштирилган давлат дастури асосида таълим берилмоқда. Ҳозирда дастурнинг ўқув қўлланмалари асосида дарслар ўтилмоқда. Дастурга кўра, гуруҳдаги ҳар бир болага эркинлик берилади, бола ўзи истаган йўналишда салоҳиятини кўрсатади”, - дейди тарбиячи Дилором Комилжонова.