Сополда битилган тарих. Кулолчиликда ўз услубини яратган уста билан суҳбат

Темурийлар, Бобурийлар, Хоразмшоҳлар, Қўқон, Бухоро, Хива хонллари ҳамда пайғамбарлар шажарасини сопол буюмларга туширган уста Тоҳиржон Ҳайдаров билан суҳбат.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт - Sputnik. Ўзбек миллий маданиятининг энг ёрқин намуналаридан бири бу кулолчилик санъати ҳисобланади. Ўзбекистонда кулочиликнинг Ришон ва Ғиждувон каби йирик марказлари бор.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика.
“Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда “Ҳунармандлар” уюшмаси аъзоси уста кулол Тоҳиржон Ҳайдаров "Риштон" кулолчилик мактабидан етишиб чиққан ва ўзига хос, бетакрор услубини ярата олган усталардан бири. Sputnik мухбири уста кулол билан ҳунар сирлари ҳақида суҳбатлашди
“Кулолчилик бу оддий ҳунар эмас, бу тақдир. Ўсмирлик пайтимда Риштон кутубхонасида рассом бўлиб ишлардим. 1987 йили Ўзбекистон халқ устаси, устозим Набижон Қодиров устахонасига таклиф этганлар, мен у ерга бориб кулолчилик буюмларини кўрдим ва бу ҳунарга чин меҳрим тушиб қолди. Аста-секин кулолчилик сирларини ўргана бошладим”, деди уста Тоҳиржон Ҳайдаров.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика.
Кулол 5-6 йил кулолчилик мактабида таълим олди. Буюмларга игна билан безаш услубига асос солди ва бугунги кунда ўзига хос услубдан фойдаланиб келмоқда.
Аксарият кулоллар аждодлардан мерос қолган усулларда, асосан турли табиий бўёқлар ва ишқорлар ёрдамида буюмларни безатишади. Тоҳиржон Ҳайдаров эса ўз буюмларига игна билан миниатюра тасвирларини чизади, майда ва майин нақшлар туширади.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика.
“Инсон сополни қўлга олиб оддий буюмдек қарайди, лекин тупроқдан ясалган бу буюмлар инсоният тарихининг энг қадимий ашёлари саналади. Ҳозирга келиб Риштон кулолчилик мактаби кўп тармоқли бўлиб кетди. Менинг йўналишим ноаънавий бўлиб, ҳозирда кўплаб шогирдлар билан ишламоқдаман”, деди уста.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика.
Кулол буюмларни Риштон соз тупроғидан ясайди. Жараён мураккаб қўл меҳнатини талаб қилади. Унда майсаларни ёндириб, ундан олинган табиий бўёқлардан фойдаланилади. Ҳозирда хориждан кукун (порошок) ҳолида олиб келинадиган сунъий бўёқлар кўпайган. Устанинг айтишича, сунъий бўёқлар тайёрлашда табиий маҳсулотлар ҳам ишлатилади.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика.
Риштон кулолчилик буюмлари асосан мовий ва зумрад рангда бўлган. Бу рангдаги ишқорлар мисларни куйдириш эвазига олинган. Ҳозирга келиб хорижий мамлакатлардан 7-8 хил ранглар кириб келди, уларга гулбўта (кўмирнинг чақиндиси) қўшилади.
“Энг катта шогирдим бу фарзандим Тимур Ҳайдаров. Халқаро танловларга мунтазам равишда қатнашади. Ҳозирда талаба бўлса ҳам кулолчилик касбига қаттиқ меҳр қўйган. 2021 йили “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган”, деди Ҳайдаров.
Уста биринчилардан бўлиб 2017 йилда Республикадаги хусусий кулолчилик музейини ташкил этган. Унда шогирдлари билан кулолчилик буюмларини ясашади. Музей ичида кутубхона ҳам жойлашган, у ерда 2000 дан ортиқ китоблар сақланади.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика.
Уй музейига Россия, Малайзия, Япония, Жанубий Корея, Марказий Осиё, Америка, Европа мамлакатларидан сайёҳлар ташриф буюради.
“Мен уй музейида табиий атмосферани яратишга ҳаракат қилдим. Бу ерда энг ноёб экспонатлардан бири ташқари тарафдаги Қўқон аравалари саналади, уларни ёнида қадимий келилар турибди”, деди Тоҳиржон ака.
Уста 12 та шажарани 24 йил ичида сопол буюмларга туширган. Унда Темурийлар, Бобурийлар, Хоразмшоҳлар, Қўқон, Бухоро, Хива хонлиги шажаралари ўрин олган. Улар орасида энг каттаси Қуръони Каримдаги пайғамбарлар шажарасини туширган ва бу халқаро даражада катта қизиқиш уйғотган.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика
Тоҳиржон Ҳайдаров сопол буюмларга ижодкорларнинг ибратли ҳикматларини ёзади. Бу жараён ҳатто йиллаб вақтни олади. Биргина Бобур акси туширилган лаганни яратишга 9 ой вақт сарфланган.
“Буюмлар ҳар куни ясалади, бироқ оддий буюм ясашда ҳам янгилик яратиш учун йиллар керак бўлади. Масалан Бобур аксини тушириб лаган ясаётганимда унинг даврига хос нақшлар, ранглар палитраси, либослар бичими, инсон руҳиятини берувчи тарихий ракурсларни ўргандим. Кулол ўзи ясаётган ҳар бир буюмга меҳр ва жило берса, ундан санъат асари яралади”, дейди уста кулол.
Тоҳир Ҳайдаров. Керамика
Маълумот учун, ҳозирда уста Тоҳиржон Ҳайдаровнинг фаолияти ҳақида таниқли кинорежиссёр Иброҳим Расулов бошчилигида “Кулолнинг армони” номли бадиий фильм ишлаш учун тайёргарликлар кетмоқда.