ЕИ газ нархига максимал чегара белгилашдан бош тортди - “Bloomberg”

Таъкидланишича, Европа Комиссияси суюлтирилган газ учун янги нархлар индексини ишга туширмоқчи.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Европа Иттифоқи сиёсий келишмовчиликлар туфайли газ нархига зудлик билан максимал чегара белгилашдан бош тортди, дея хабар бермоқда “Bloomberg”.

“Европа Иттифоқи аъзо давлатлар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш чораларини кўриб, энергия инқирозини ҳал қилиш учун янги фавқулодда вазиятлар пакетини тақдим этмоқда. Бироқ блок сиёсий келишмовчиликлар ва таъминот хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар фонида газ нархига зудлик билан чеклов қўйишдан тийилади”, - деб ёзилади хабарда.

Бундан ташқари, Европа Комиссияси суюлтирилган газ учун янги нархлар индексини ишга туширмоқчи. Таъкидланишича, бу “Россиядан қувур орқали газ етказиб бериш тўхтатилганидан кейин минтақанинг энергетик воқелигини яхшироқ акс эттиришга” ёрдам беради.
Ғарб давлатлари Россиянинг энергия экспортидан келадиган даромадларини чеклаш бўйича турли чораларни муҳокама қилишда давом этмоқда. Октябрь ойи бошида Европа Иттифоқининг саккизинчи санкциялари тўплами кучга кирди, у Россия нефтини денгиз орқали ташиш учун нарх чегарасини белгилаш учун қонунчилик базасини ўз ичига олади.
Бироқ, газ нархларининг максимал чегарасини жорий этиш иттифоқнинг барча аъзолари ўртасида ҳали ўзаро тушуниш топа олгани йўқ – масалан, Венгрия энергия таъминоти хавфсизлигига таҳдид соладиган таклифларни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.
Россия президенти Владимир Путин нархларнинг юқори чегараси ғоясини изоҳлар экан, агар бу унинг манфаатларига зид бўлса, Россия чет элга ҳеч нарса етказиб бермаслигини таъкидлади. “Газпром” раҳбари Aлексей Миллер, ўз навбатида, Европа Иттифоқи томонидан нархларни бир томонлама чеклаш шартноманинг муҳим шартларини бузиш бўлишини ва бу етказиб беришни тўхтатишга олиб келишини айтди.