“Янги Ўзбекистон юлдузлари” мукофоти таъсис этилди

Ғолиблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади – тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Санъат соҳасидаги ижодкорларни тақдирлаш мақсадидаЯнги Ўзбекистон юлдузлари” маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилмоқда. Бу ҳақида Ҳукуматнинг 594-сонли қарори қабул қилинди.
Миллий мукофот билан тақдирлаш ҳар йили анъанавий тарзда бир марта ижодкорлар ўртасида ўтказилади.
Қуйидаги соҳа вакиллари Миллий мукофотга номзод бўлиши мумкин:
Театр, цирк,
Мусиқа соҳасининг эстрада, анъанавий академик, фольклор, бастакорлик, композиторлик;
Рақс;
Тасвирий ва амалий санъат;
Бадиий ижод ҳамда маданият;
Санъатнинг бошқа йўналишлари.
Миллий мукофот номинациялари (жами 20 та номинация) Миллий мукофот комиссияси хулосаси ва кенг жамоатчилик танлови асосида ҳар йили 10 январдан 10 февралгача танлаб олинади.
Саралаш натижаларидан ўтган ва энг яхши натижа кўрсатган 3 нафар номзод рўйхати 15 декабрдан 10 январга қадар ижтимоий тармоқларга кенг жамоатчилик овоз бериши учун жойлаштирилади.
Ҳар бир номинация бўйича номзодларга жамоатчилик томонидан берилган жами овозлар сонидан 30 фоизи инобатга олиниб, якуний хулосага қўшилади ва натижалар умумлаштирилади.
Ғолиблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Уларга Мукофот махсус статуэткаси ҳамда сертификат топширилади.
Ғолиблар 25 январь куни тақдирланади.