ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Тошкент вилоятида Зангиота, Чиноз, Оҳангарон, Ангрен, Паркент ва Бўстонлиқ туманларини боғлайдиган “Тошкент вилоятининг олтин ҳалқаси” ташкил этилмоқда. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишиш чоғида маълум қилинди.
Тақдимотда Паркент туманида туризмни ривожлантириш лойиҳаси намойиш қилинди.
Қайд этилишича, Паркент туманида Кумушкон, Заркент ва Сўқоқ қишлоқлари атрофида дам олиш масканлари кўп. Лекин инфратузилма етарли бўлмагани сабабли хизматлар ривожланмаган.
Шу боис бу бўйича алоҳида бош режа ишлаб чиқилди. Унга кўра, Паркентдаги туризм ҳудудига олиб борувчи йўллар яхшиланиб, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари қуввати оширилади.
Қаровсиз адирликларга сув чиқарилиб, соя-салқин масканлар кўпайтирилади. Умуман айтганда, инфратузилма давлат томонидан барпо этилиб, туризм учун истиқболли ҳудудлар аукционга қўйилади.
Давлат раҳбари бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий лойиҳа эканини таъкидлаб, инфратузилмани қуриш ишларини тизимли олиб бориш учун бошқарув компанияси тузиш таклифини билдирди.
Тақдимотда Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким ат-Термизий мақбарасида зиёратчилар учун шароитларни кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Ҳукуматнинг 1053-сонли қарори билан "Олтин ҳалқа" туризм концепциясиси тасдиқланганди. Унга кўра, концепция дастлаб туризм салоҳияти юқори бўлган Бўстонлиқ, Паркент, Зангиота, Оҳангарон, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳри қамраб олинади ва у кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ қилинади.
Тошкент вилоятида туризм "Олтин халқа" амалга ошириш истиқболли ҳудудларнинг янги туризм йўналишлари бўйича ўзаро боғлиқликда ривожлантириш, туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, таклиф этиладиган туризм маҳсулотлари турларини кенгайтириш, туризм соҳасида аҳоли бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришга қаратилган.