ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Баҳрайннинг Манама шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси жами 6 та олтин, 3 та кумуш ва 10 та бронза медални қўлга киритди.
Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, Ўзбекистон эркаклар жамоаси қитъа биринчилигида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлган. Ўзбекистонлик оғир атлетикачилар мусобақада 6 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалга сазовор бўлишди.
Қайд этиш жоизки, мусобақада жаҳон чемпионатига алоҳида тайёрланаётган икки асосий спортчи Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраев иштирок этмади.
Ўзбекистонлик оғир атлетикачи қизлар эса муросасиз баҳслар давомида 1 та кумуш ва 5 та бронза медални жамоага тақдим этишди.