ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Ўзбекистон Жиноят кодекси фуқаро банк ҳисобидан пулни унинг розилигисиз ечиб олишга оид модда билан тўлдирилади. Тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ҳужжат билан Жиноят кодексига янги 192-12-модда киритилиши таклиф этилмоқда. У жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш ва ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарликни назарда тутади.
Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ – ҳозир 300 минг сўм ) 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар, кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, БҲМнинг 500 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Сенат маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилган. Бугунги кунда бу ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик 168, 169-моддалари билан таснифланмоқда.