Ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган қоровуллик хизматлари мукофотланади

Қоровуллик бўлинмалари қандай ҳуқуқбузарликларни бартараф этганда мукофотланиши ҳақида материалимизда ўқинг.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Давлат органлари ва ташкилотларининг қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлик учун мукофотланиши мумкин. Бу ҳақида Ҳукуматнинг 598-сонли қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, қоровуллик бўлинмалари хабари орқали жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир этган қидирувдаги шахслар аниқланганда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолат бартараф этилганда қоровуллик бўлинмалари ходимлари 1 марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланиши мумкин.
Низомда қоровуллик бўлинмалари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар, гумондорлар, қидирувдаги шахслар, авариялар, ёнғин, ҳалокат ва бошқа ножўя ҳодисалар аниқланганда қандай тартибда иш олиб борилиши белгиланди.
Унга кўра, қоровуллик бўлинмалари:
дарҳол ИИБ органларига хабар беради;
ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари келгунича ҳуқуқбузарлик ва ҳодиса излари сақланишини таъминлайди;
ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига ҳодиса тўғрисида ахборот беради;
табиий ва техноген фавқулодда ҳолатларни бартараф этади, одамларни қутқаради.
Қоровуллик бўлинмалари ИИБ ва Миллий гвардия бўлинмаларига ҳодиса ҳақида телефон орқали хабар беради.
Телефон бўлмаганида ёки ишламаганида алоқанинг бошқа турлари, хусусан хуштакдан қуйидаги сигналлардан фойдаланилади:
“Ушла” – битта узун сигнал;
“Ёрдамга” – иккита қисқа сигнал.