Фарғона туманига янги ҳоким тайинланди

Туманнинг аввалги ҳокими Шуҳратжон Мўминов президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан сентябрь ойи охирида лавозимидан озод қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Хамидулло Таджиевич Иномов Фарғона тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, бугун халқ депутатлари Фарғона туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилган ва Ҳамидулло Иномов туман ҳокими этиб тасдиқланган.
Тайинловга қадар, Иномов Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори вазифасида ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун, Ҳамидулло Иномов 1982 йилда Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилган.
Эслатиб ўтамиз, туманнинг 2020 йилда тайинланган аввалги ҳокими Шуҳратжон Мўминов президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан сентябрь ойи охирида лавозимидан озод қилинган эди. Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Мўминов билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноий иш қўзғатилганини айтганди.