Наманганда илк бор халқаро асал фестивали бўлиб ўтади

Фестивал иштирокчилари асал маҳсулотлари, асаларичилик, асал йиғиш ва асалари уйлари ҳақида барча маълумотларни билиб олиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. 28-30 октябрь кунлари Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” истироҳат боғида илк бор Наманган халқаро асал фестивали ўтказилади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фестиваль давомида 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик асаларичилар ўз маҳсулотларини намойиш этади. Шунингдек, тадбир иштирокчилари асал маҳсулотлари, асаларичилик, асал йиғиш ва асалари уйлари ҳақида барча маълумотларни билиб олиши, қолаверса, асал мумидан малҳам ишлаб чиқариш, асаларичилик ҳунармандчилиги буюмларини тайёрлаш, асалнинг бир нечта навларини татиб кўриш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, тадбир дастуридан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантириш масалаларига бағишланган “Илмий-амалий конференция” ва асал кўргазмалари, спорт мусобақалари, меҳмонлар учун консерт, шунингдек асаларичилик соҳасидаги етакчи маҳаллий ва хорижлик асаларичилик соҳасидаги мутахассислардан маҳорат дарслари ўрин олган.
Фестиваль доирасида “Афсоналар водийси” истироҳат боғида “Энг яхши қадоқланган асал” ва “Энг табиий асал” номинациялари бўйича танловлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Фестиваль Туризм ва маданий мерос вазирлиги Наманган вилояти Бош бошқармаси томонидан ташкиллаштирилмоқда.