ТОШКЕНТ, 15 окт – Sputnik. Арманистон томони Бокуга чегарани делимитация қилиш бўйича 31 октябрь куни Брюсселда учрашув ўтказишни таклиф қилди, деди бош вазир Никол Пашинян.
“Арманистон Озарбайжонга 31 октябрь куни Брюсселда чегарани делимитация ва хавфсизлик бўйича комиссиялар йиғилишини ўтказишни таклиф қилди”, — деб ёзди Пашинян Твиттерда.
22 май куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Европа кенгаши раҳбари Чарлз Мишел ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўз ташқи ишлар вазирликларига Ереван ва Боку ўртасида тинчлик музокараларига тайёргарлик кўришни бошлаш ҳақида кўрсатма берди.
24 май куни Арманистон-Озарбайжон давлатлараро чегарасида чегарани делимитация қилиш ва хавфсизлик бўйича қўшма комиссия форматида Арманистон Бош вазири ўринбосари Мҳер Григорян ва Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоевнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.
Август ойи охирида Арманистон ва Озарбайжон бош вазирлари ўринбосарлари Мҳер Григорян ва Шаҳин Мустафоев чегарани делимитация қилиш масалалари бўйича учинчи учрашув ўтказишга келишиб олдилар.
Можаро 13 сентябрь тунда яна авж олиб томонлар бир бирини ўққа тутган эди. Бунинг оқибатида Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.
Сўнгги хабарларга кўра 14-15 октябрь тунда ҳам арман-озарбайжон чегарасида отишма содир бўлган.