Чусовитина нима учун 2022 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигини айтди

Оксана Чусовитина 29 октябрь куни Англиянинг Ливерпуль шаҳрида старт оладиган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. 1992 йилги Олимпиада чемпиони Оксана Чусовитина 29 октябрь куни Ливерпулда бошланадиган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этмайди. Бу ҳақда унинг ўзи Sputnik мухбирига маълум қилди.
Таниқли гимнастикачининг сўзларига кўра, у Олимпия ўйинларига сараланадиган бўлажак мавсумга тайёргарлик кўриш учун шундай қарорга келган.
“Мен бу жаҳон чемпионатига бормайман, бу мен учун келаси йил ва 2024 йилгидек муҳим эмас. Шунинг учун ҳам бор эътиборимни 2023-2024 йилларга қаратмоқчиман”, - деди Олимпиада чемпиони.
Шунингдек, Чусовитина бу йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини икки нафар спортчи ҳимоя қилишини қўшимча қилди.
“Ушбу жаҳон чемпионатида икки нафар спортчимиз қатнашади, улар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Шунинг учун мен яхшиси келаси йилги чемпионатга тайёргарлик кўраман”, - деди Чусовитина.
Март ойида Чусовитина Доҳада бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида таянч сакраш бўйича биринчи ўринни эгаллади. Май ойида у таянч сакраш бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди ва шундан сўнг 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиадага тайёргарлик кўришга қарор қилди.
Маълумот учун, Оксана Чусовитина кетма-кет саккиз марта (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020) Ёзги Олимпия ўйинларида қатнашган дунёдаги ягона гимнастикачи сифатида “Гиннеснинг рекордлари” китобига кирган.