ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Шимолий Атлантика альянси (НАТО) ядро қуролидан фойдаланиши мумкин бўлган шароитлар ҳали жуда узоқда. Бу ҳақда кеча, 13 октябрь куни альянс бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда НАТО мудофаа вазирларининг икки кунлик йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“НАТО ядро қуролини қўллашга мажбур бўлиши мумкин бўлган шароитлар ниҳоятда узоқлигича қолмоқда. Бу ташкилотнинг позициясидир ва у ҳар қандай мумкин бўлган ядро қуролидан фойдаланиш бўйича НАТОнинг позицияси бўлиб қолади”, - дея қўшимча қилди у.
12-13 октябрь кунлари Брюсселда альянс мамлакатлари мудофаа вазирлари йиғилиши арафасида ўтказилган матбуот анжуманида Столтенберг НАТО Россия ядро қуролидан фойдаланиш ниятида эканлигини англатадиган ҳеч қандай аломатни кўрмаётганини, бироқ уни диққат билан кузатишда давом этаётганини маълум қилганди.
Сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин мамлакат фуқароларига қилган мурожаатида Ғарб ўзининг Россияга қарши сиёсатида барча чегараларни кесиб ўтганини, шунингдек, Россияга қарши доимий таҳдидларни айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ядровий шантаж ҳам қўлланилган ва НАТО давлатларининг юқори мартабали вакиллари Россияга қарши оммавий қирғин қуролини қўллаш имконияти ҳамда жоизлиги ҳақида гапирмоқда.
Россия фақат қуйидаги ҳолларда ядро қуролидан фойдаланиши мумкин:
Россияга қарши ракета ҳужуми амалга оширилса;
мамлакат ёки унинг иттифоқчиларига қарши ҳар қандай ядровий қуролдан фойдаланилса;
муҳим инфратузилмага ҳужум қилинса, бунинг оқибатида Россиянинг ядровий қуроли носозликка учраса;
таҳдид остида бўлган Россия ёки унинг иттифоқчиларига қарши тажовузкорлик ҳаракати бўлганда.