Москвада ўтказиладиган МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилишининг санаси маълум бўлди

МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши Қозоғистон раислигида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Москвада 9 декабрь куни Қозоғистон раислигида МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақида МДҲ ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев маълум қилди.
"9 декабрь куни Москвада Қозоғистон Республикаси раислигида МДҲ Иқтисодий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. Умид қиламизки, у самарали бўлади", дейди Лебедев брифинг чоғида.
Лебедев, шунингдек, 28 октябрь куни Қозоғистон пойтахтида МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтишини эслатди. Йиғилиш кун тартиби бой бўлишини таъкидлади.
Ушбу учрашув давомида ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.