ТОШКЕНТ, 14 окт - Sputnik. Энди жисмоний ва юридик шахслар бир нечта электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитларига эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 октябрь куни имзолаган 793-сон қарорида белгиланган.
Қонун билан электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Электрон рақамли имзо ва қўлда шахсан қўйилган имзо бир хил аҳамиятга эга. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ЭРИдан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
ЭРИ калитларини рўйхатга олиш маркази ҳамда шахслар ўртасидаги электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар шартнома асосида амалга оширилади.
Қонунга мувофиқ, ЭРИ калитини бериш ёки унинг сертификатини рўйхатга олиш бир иш кунидан ошмаслиги керак. ЭРИ калитига эга бўлган шахслар электрон рақамли имзо мавжуд бўлиши талаб қилинадиган давлат хизматларининг барча турларидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Жисмоний ва юридик шахслар бир нечта ЭРИ калитларига эга бўлиши мумкин. Ҳар бир ЭРИ калитининг сертификатини рўйхатга олиш белгиланган тартибда алоҳида амалга оширилади.
ЭРИ калити сертификатининг амал қилиш муддати рўйхатга олинган пайтдан эътиборан 24 ойдан ошмаслиги керак. Бунда ЭРИнинг амал қилиш муддати икки мартадан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари, шунингдек чет эл жисмоний ва юридик шахслари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар электрон рақамли имзони консуллик муассасалари, шунингдек дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик бўлимлари орқали олиши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.