Айрим мактаб ва боғчаларда дзюдо спорт тури янада ривожлантирилади

Бир қатор ташкилотлар 20та мактаб ва 35та боғчада дзюдо спорт турини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистондаги бир қатор мактаб ва боғчаларда дзюдо спорт тури янада ривожлантирилади. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, Ўзбекистон дзюдо федерацияси, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF), Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Унга кўра, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) “Мактабларда дзюдо” дастури бўйича дзюдога ихтисослаштириладиган 20 та мактабни дзюдо татамилари ва болалар кимонолари билан таъминлайди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги “Мактабларда дзюдо” дастури асосида ташкил этилган секцияларни тренерлар билан таъминлайди. Умумтаълим муассасаларида болалар ўртасида дзюдо мусобақаларини ташкил этади.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси эса ташкил этилган секцияларга спорт анжомлари ва жиҳозлар етказиб беради. Халқаро мутахассисларни жалб қилиш орқали маҳорат дарслари, тренинглар ўтказади ва ўқув қўлланмалар ишлаб чиқади.
Меморандум доирасида келгуси йилдан бошлаб 35 та МТТ ларда босқичма-босқич дзюдо тўгараклари очилади.